Yakshanba, 19.05.2024, 12:21
Salom Гость | Guruh "Mehmonlar" | RSS
Kirish
Qidirish

Главная » 2010 » Dekabr » 30 » Тибби ётми? Табобатми?
06:02
Тибби ётми? Табобатми?


Мамлакатимиз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Олий ўқув юртларининг 5720100-даволаш иши мутахассислиги йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун дарслик сифатида тавсия этилган, тиб фанлари доктори ЛИ Борис Николаевичнинг "Халқ тиббиёти" деб номланган китоби ўтган йил "Янги аср авлоди" нашриётида босилиб чиқди.

Китобга муҳтарам устозларимиз академик Т.Даминов ва профессор ААлавийлар тақриз ёзишган.

Муаллиф сўзбошисида ка­федра ташкил топган 1996 йилдан то ҳозиргача тиббиёт институтлари талабалари учун халқ табобати бўйича дарсликнинг йўқлиги ва шу сабабли ушбу дарсликни яратишга зарурат туғилганлиги, дарслик "Халқ табобати" дастури талабларига   мувофиқ   ва ўқитишнинг замонавий технологияларини эътиборга олган ҳолда яратилганлиги айтилади.

Даволаш ва тиббий педа­гогика факультетларининг 5-курс талабалари, шунингдек тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини халқ табобати бўйича асосий билимлар билан таъминлаш ва мамлакатимизда замо­навий фан ютуқлари даражасида аҳолига

даволаш профилактика ёрдамини ташкил қилиш ушбу дарсликнинг асосий мақсади қилиб белгиланганлиги алоҳида таъкидланди. Халқ табобатини ўрганиш йўлида қутлуғ бир қадам қўйилганлигини ҳар қанча олқишласак арзийди.

Ҳар қайси халқ энг аввало ўз табобатини ўрганади. Чунки шу халқ яшаган заминда бир неча минг йиллар давомида, ҳаёт тажрибасидан ўтиб, сайқалланиб ҳозирги кунгача етиб келган даволашнинг усул ва тавсиялари шу ерда умргузаронлик қилган халқ учун муҳим. Бу усул, тавсиялар иқлим шароити ва шу халқнинг урф-одатлари, овқатланиши билан чамбарчас боғлиқ. Бироқ "Халқ тиббиёти" деб номланган бу китоб Хитой ва корейс халқлари табобатига оид игна санчиш илми ҳақида. Игна санчиш илми билан бизнинг аждодларимиз шуғулланишмаган. Зарурият бўлмагандир балки. Нима бўлганда ҳам биз бу илмдан бехабармиз. Шу боис ҳам бизда халқ табобати бўйича тузилган дастурнинг мезон ва талаблари билан танишиш истаги туғилди. Эллик тўрт соатдан иборат дастур игна санчиш илмидан сабоқ ва охирги бир соатда шифобахш ўсимликлар ҳақида қисқача маълумот беришга мўлжалланган экан. Айни вақтда тиб олий мактабларининг 5-босқич талабаларига халқ табобати фанидан сабоқ берилиши йўлга қўйилган ва мазкур дарслик ягона ўқув қўлланмаси бўлса, унда халқ табобат игна санчиш илмидангина иборат эканлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурнинг пайдо бўлиши табиий бир ҳол.

Майли, игна санчиш илмини ўрганиш зарурияти борлигини юқори ташкилотлар лозим кўриб, дастур тузилиб, шу дастурга мувофиқ иш юритилаётган бўлса, бу иш қай даражада, кандай савияда бажарилмоқда? Бу саволнинг қуйилишига албатта яратилган янги дарслик туртки бўлди.

Муаллиф «Ушбу дарсликни халқ тиббиёти бўйича собиқ СССР, шунингдек, хорижда нашр этилган китоб материаллари ва Тошкент Тиббиёт академиясининг услубий ишлари асосида тайёрланганлиги»-ни ёзади.

Собиқ Шўрода игна санчиш илми қай даражада ўрганилган ва тарғиб қилинганлигидан бироз хабаримиз бор.

1973 йилда Шўро тиб илми дарғаларидан академик Амосовнинг "Литературная газета"да "Лечение иглоукалыванием или трагедия китайской медицины" номли катта мақоласи эълон қилинди. Maқолада игна санчиш илми ниҳоятда мураккаб илм эканлиги ва ҳатто шу кунларда (1973 йил) ҳам игна санчиш илмининг ватани бўлган Хитойда биологик фаол нуқталарни танлашда адашиш оғир оқибатларга олиб келаётганлиги ҳақида фикр юритилади.

Хитой мамлакатидаги бир қанча табобат мактабларида ҳозирги кунда ҳам бу илм етти йил давомида ўргатилади. Игна санчиш соҳасида фаолият кўрсатадиган табиб ўз маҳоратини санъат даражасига етказа олиши шарт. Бундайлар саноқли, чунки илм жуда мураккаб. Бу илмдан сабоқ олганларнинг ҳаммасига хам фаолият юритишига русхат берилмайди. Бироқ бизнинг мамлакатда аҳвол бирмунча бошқачароқ. Қайси поликлиника, касалхона, санаторий ёки профилакторийга борманг (хусусий врачлик фаолияти билан шуғулланаётганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) игна билан "даволовчи" врачни учратасиз. Бир ойлик (72 соат) ва ҳатто 15 кунлик (36 соат) игна билан даволашдан сабоқ берадиган пуллик курслар мавжуд. Бу курсларда таҳсил олган врачларимиз "мутахассис" сифатида аҳолига хизмат кўрсатаяптилар. Ўттиз олти соатлик курсда игна санчиш илмини "мукаммал ўрганган" деб қўлига гувоҳнома тутқазилган врачнинг даволаш амалиёти жиддий фаолият сифатида қабул қилинса, талабанинг эллик тўрт соат давомида бу илмни ўргани шини "янада мукаммалроқ" деб баҳоланиши шак-шубҳасиз.

Хуллас бугунги кунда ягона бўлган "Халқ тиббиёти" дарслиги асосида талабаларга игна санчиш илмидан сабоқ берилмокда. Китоб охирида "Халқ тиббиётининг шифобахш ўсимликлари" деб номланган бобдаги маълумотлар ҳақида бирор-бир ижобий гап айтиш фикридан йироқмиз. Сабаб бу маъ лумотлар ўзбек халқ табобати мезони талабларига мутлақо жавоб бермайди. Маълумотлар славян халқлари адабиётлари асосида тузилган.

Таъбир жоиз бўлса китобнинг номланиши хусусида ўз фикримизни айтсак. Китоб "Халқ тиббиёти" деб номланган. Саломатликни асраш, даволаш ва дори-дармон билан боғлиқ амалиётни ифодаловчи сўз ТИБОБАТдир. Форслар бу сўзни "ТАБОБАТ" деб ўқийдилар. Бу сўз ўзбек тилига ҳам худди шу шаклда кириб келган ва қабул қилинган. Сўзнинг асл ўзаги арабча ТАББА — феъли бўлиб, даволаш деган маънони билдиради. Бу феълдан ясалган сўзлар:

ТАББУН-ТАББ, фаолиятини санъат даражасига етказа олган шахс

ТИББУН-ТИББ, даво.

ТИБОБАТУН-ТИБОБАТ, даволаш, табиблик

ТИББИЙУН-ТИББИЙ, табибликка хос,

ТАБИБУН-ТАБИБ, ҳаким.

"Тиббиёт" сўзи араб, форс луғатларида мавжуд эмас. Бу сўз одамлар томонидан ижод қилинган ясама сўз. Маъноси мавҳум. Шу нуқтаи-назардан хам тиббиёт, сўзини ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлмаса керак.

Китоб муаллифининг таъкидлашича 1996 йилда кафедра ташкил қилингандан буён ўтган 12 йил давомида ҳеч қандай дарслик яратилмаган экан. Нима сабабдан? Кафедра ташкил қилишдан мақсад  ўзбек халқ табобатини ўрганиш бўлса,  нега бизнинг табобат ўрганилмаяпти?

Хитой корейс анъанавий табобатининг бир бўлаги бўлган игна санчишни ўрганишга нима сабаб бўлди?

Шy ўринда бир гапни айтиб ўтмоқ керак. Корейс халқ табобати тарихидан ҳикоя қилувчи "Тангeм” кўп серияли фильмида бир кўриниш бор. Под­шо табиба қиз Тангемдан "Сен бу усулни кимдан ўргандинг", — деб сўраганида Тангем: "Ибн Синодан" деб жавоб қайтаради. Биз учун ҳар қанча мақтагулик, фахрлансак арзигулик бир воқеа. Бизнинг замин табобатининг довруғи курраи заминда сарбаланд. Кафедра ташкил қилинди-ю, аммо халқ табобати ўрганилмади. Нега? Бизнингча бу ҳам табиий бир ҳол. Бировни айблаш ноўрин. Чунки олий тиб мактабларидаги барча профессор-ўқитувчилар ғарб тиббиёти соҳасида фаолият юритадиган мутахассислар. Улар учун узбек халқ табобати тамоман бошқа бир соҳа. Ўзбек халқ табобати ва замонавий ғарб тиб илми мутлақо бошқа-бошқа қутбларда жойлашган. Мезон ва талаблар ҳам ҳар хил. Боз устига олий мактабда мутахассис сифатида қарийб тўлиқ шаклланган бешинчи босқичдаги талабага қисқа бир муддатда халқ табобатидан сабоқ бериш жиддийликдан анча узоқ бир тадбир. Бирмунча ачинарли албатта. Ўзбек халқ табобати ўрганилмайди, игна санчиш илмини ўрганиш ҳам ҳаминқадар. Аммо би­ровни айблашга ҳаққимиз йўқ ва бу фикрдан йироқмиз. Чунки игна санчиш илмини ўрганиш ва ўргатиш учун мустаҳкам асосга эга эмасмиз. Шу сабаб ҳам бизнинг мамлакатда игна санчиш усули билан даволанаётган беморларда бирор-бир даволаш унуми кузатилмайди. Хўш, ўтган 12 йил мобайнида халқ табобати бўйича дарслик яратилмаган экан, тайёр дарсликдан нега фойдаланмадик. Бизда дарслик йўқми? Дунё тиб мактабларида қариийб 600 йил давомида асосий дарслик сифатида фойдаланилган "Тиб қонунлари" дарслик эмасми?

Ўзбек ҳалқ табобатининг назарий илми, амалиёти ва доригарлигига оид барча маълумотлар "Тиб қонунлари"да муфассал ёритилган. Шу бугунги кунда Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Хитой мамлакатларидаги табобат мактабларида "Тиб қонунлари" асосий дарслик сифатида ўқув дастурларига киритилган. Бизда ҳам бу шоҳ асардан дарслик сифатида фойдаланиш мақсад қилинса, фақат уни қисқа 54 соат эмас, балки бутун таълим жараёнида ўрганиш лозим бўлади. Бу албатта ўз қадриятларимизни ўрганиш йўлидаги муҳим бир қадам бўлса, халқимиз саломатлигини асраш борасидаги кечиктириб бўлмас долзарб бир вазифадир.

 

Муҳаммад Ҳамроев, Ўзбекистон Халқ табобати академияси бошқаруви раиси

"Шарқ табобати" 3/2010 журналидан

Категория: Daftardagi bitiklar | Просмотров: 3027 | Добавил: Admin | Рейтинг: 1.3/3
Всего комментариев: 1
1 Ibrohimjon  
Муҳаммад Ҳамроев, билан кандай боглансак булади иложи булса малумот берсангиз кабуллари хакиди телефонлари булса ёки иш жойи манзилари хакида

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Bizning savol
Сиз келажакда қайси сохани танламоқчисиз?
Barcha javoblar: 1606
Tesha tegmagan gaplar
Statistika

Onlayndagilar: 1
Mehmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0

Copyright MED-PED tma-medped@mail.ru © 2024
Сайт создан в системе uCoz